Аср саволи: Сиғими уч баробар ошириладиган Газли газ омбори қайси газ билан тўлдирилади?
Онда-сонда шунақа кўпинча ёпиқ қабул қилинадиган қарорлар, балки қарорнинг ягона эгаси ва бенефициари бўлмагани учун ҳам очиқлик юзини кўриб қолади. Бу яхши гумон.
Масалан, 1,6 млрд.долларлик Тебинбулоқ темир руда конини ишлаб чиқиш ва металлургия мажмуасини қуриш лойиҳаси Швейцария ва Кипр илдизли Gas Project Development Central Asia AG», «Belvor Нoldings Limited» компаниялари томонидан амалга оширилаётганини билармидингиз? 6 йил аввалги қарорга кўра Тебинбулоқ комплексини Ўзбекистон темир йўллари ўз маблағи ҳисобига молиялаштириши ва 2024 йилда ишга тушириши керак эди. Лекин лойиҳа 2022 йилда тўсатдан бошқа "хорижий инвесторлар" қўлига ўтиб кетган. Тебинбулоқни "хорижий инвесторларга" топшириш бўйича ёпиқ қарорни эса ҳеч жойдан топа олмайсиз. Топсангиз ҳам, расмийларимиз тан олишмайди.
Яна бир қизиқ лойиҳа Газли газ омбори билан боғлиқ. Газли ер ости газ омбори қувватини 2025 йилга қадар икки баробар ошириш лойиҳаси Gazli Gas Storage томонидан амалга оширилаётган эди. Бундай йирик лойиҳаларда пудрат бегона қилинмайди. Шунинг учун пудрат қироли Eriell гуруҳи омборни кенгайтириш бўйича буюртмани тез орада якунлайди, деб ҳисобланилаётган эди. Газли омбори бўйича бошқарув ва буюртмачилик қандай қилиб Ўзтранзгаздан Gazli Gas Storage назоратига ўтиб қолиши, схемалардаги кўринмас қўлларнинг олигарх Тимченкога бориб тақалиши ўзи алоҳида суриштирув талаб қилади. Лекин Газли конида газни ер остида сақлаш иншооти ҳажмини, энди 2 баробар эмас 3 баробардан кўпроқ, 10 млрд. м3га ошириш лойиҳасидаги янги ҳамкор Хитойнинг «Daxon Нoldings Limited» қаердан пайдо бўлди? Биринчидан, «Daxon Нoldings Limited» Хитойда эмас, 2019 йилда Гонконгда рўйхатдан ўтган. Портфелида газ омбори қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга оширгани ҳақида ҳеч қандай очиқ маълумот йўқ, лекин эринмаганлар Кипр ва Британияда ҳам шу номдаги уйқаш илдизларни топа олишади. Деҳқончасига айтганда, бу Гонконглик ҳамкорлар ҳам бегона эмас.
Ўзбекистондаги энг йирик газ омбори Ўзтрансгаздан аввал ўрис олигархларига, энди Гонконглик қоракўзларга ўтказилгани ҳам майли. Лекин бу газ омбори қандай қилиб, қайси газга тўлдирилади? Маълумот учун ҳали 51 млрд.куб газ қазиб олинган 2022 йилда омбор 2 млрд.куб.га тўлдирилган, 2023 йилда 3 млрд.кубга.
Уч каррагача оширилган лойиҳанинг иқтисодий мазмуни шу пайтгача омбор қандай тўлдирилади деган савол қўйилганда йўққа чиқаётгандек эди. Газ қазиб олиш узлуксиз қисқариб бормоқда ва ҳали бери тубга етилмайди. Табиийки, лойиҳа ясаб пул ўзлаштирувчилар омборнинг сиғими оширилиши маънога эга бўлиши учун қандайдир яна бошқа лойиҳа ўйлаб топиши керак эди. Назаримда шундай лойиҳа ниҳоят ўйлаб топилган ва бу Шимолдан импорт қилинадиган табиий газни 32 млн.кубгача ошириш билан боғлиқ 500 млн.долларлик дастур. Кунига 32 млн.газ, бу йилига 11,6 млрд.куб газ дегани. Гап ҳали кунлик 32 млн.куб газ импорти бўйича узоқ муддатли "қаттиқ шартнома" йўқлигида эмас, гап энди газ омбори сиғимини 3 баробарга ошириш бўйича лойиҳа танқидчиларининг оғзига бемалол уриш мумкинлигида.
Қойилмисиз? Энди тушундингизми 92- сонли қарор нима учун очиқланганини?
- https://telegra.ph/file/577d3c908667554c247e0.jpgtelegra.ph
- https://lex.uz/ru/docs/6801272lex.uz
- https://lex.uz/ru/docs/3501076lex.uz
- https://joqargikenes.uz/oz/942.htmljoqargikenes.uz
- https://www.gazeta.uz/uz/2023/08/23/gazli-gas-storage/gazeta.uz
- https://kun.uz/kr/news/2022/09/04/eriell-group-mamlakat-farovonligi-yolidagi-mehnat#!kun.uz
- https://www.ltddir.com/companies/daxon-holdings-limited/ltddir.com