19K46Telegramda ochish
Тошкентда ҳам қачондир ҳоким сайланса, трамвайни қайтарса керак Урбанист Ҳусан Мукимов Франциянинг энг гўзал шаҳарларидан бўлган Страсбургга сайланган ҳоким трамвайни қайтаргани ҳақида ёзмоқда: "1960-йилларда Франциянинг Страсбург шаҳрида келажак автомобилларда, деб ҳисоблаб, трамвайлар эскилик қолдиғи сифатида қабул қилинган. Шу сабабдан барча трамвай линиялари бузиб ташланди, вагонлар эса металлаломга топширилди. Бироқ 1980-йилларга келиб вазият тубдан ўзгарди: шаҳарда тирбандликлар кўпайди, атроф-муҳит ифлосланиши ортиб борди. Энг муҳими, Страсбург ўзининг тарихий қиёфасини йўқотди. Велосипедчилар ҳам, пиёдалар ҳам деярли йўқолиб кетди. Бу вазиятни ўзгартиришга 1989 йилда шаҳар мэри этиб сайланган Катрин Траютман (Catherine Trautmann) ўз харакатини бошлайди. У таваккал қилиб, оммабоп бўлмаган қарор қабул қилади ва шаҳарнинг транспорт фалсафасини тубдан ўзгартиришни бошлайди. Ва шаҳарга трамвайни қайтаради. Натижада Страсбург Франциядаги трамвай шаҳар дизайнининг ажралмас қисмига айланган биринчи шаҳарга айланди. Архитектор ва муҳандислар нафақат трамвай йўллари ва станцияларини, балки шаҳар кўчаларининг қиёфасини ҳам лойиҳалашди. Трамвай рельслари променадлар, фонтанлар ва яшил ҳудудлар орқали ўтказилди. Alstom компанияси ишлаб чиққан пастполли трамвайлар барча учун қулай бўлди - болали ота-оналар, кексалар ва ҳаракати чекланган одамлар учун ҳам. 1994 йилда биринчи А-линия ишга тушди. Бу йўналиш нафақат муваффақиятли бўлди, балки шаҳарда янги транспорт маданиятини яратди. Лойиҳа шунчалик омадли чиқдики, қисқа вақт ичида Страсбургда трамвай йўналишлари сони олтитага етди ва ҳозирда кунига 300 мингга яқин аҳоли трамвайдан фойдаланади. Энг муҳими шаҳар ҳавоси анча тозаланади, аҳоли яна сайр қилишни бошлайди, кафе ва ресторанлар жонланади. Кейинчалик бу тажрибани Франциянинг бошқа шаҳарлар: Нант, Бордо ва Лион ҳам қўллайди. Страсбург тажрибаси бутун Европадаги кўпгина шаҳарлар учун яхши мисол бўлди. 2017 йилда янги D-йўналиш ишга тушди, у Германиянинг Кель (Kehl) шаҳригача боради. Бу Европа бирлигининг ҳақиқий тимсолига айланди. Тасаввур қилинг: трамвайда дарё устидан ўтасиз ва бошқа давлат ҳудудига ўтганингизни фақат телефон операторингиз юборган SMS-хабар орқали биласиз. Мен ҳам шахсан шу йўналишдан фойдаланиб, Кельдан Страсбургга трамвайда борганман". Кеча тармоқ фойдаланувчилари қурилиши режалаштирилаётган BRT автобус маршрутлари Тошкентнинг эски трамвай йўлларидан бирга-бир ўтишига эътибор қаратишди. 2016 йилда Марказий Осиёнинг энг қадимий ва энг катта юзйиллик трамвай тармоғи тугатиб юборилган эди. Албатта, пойтахт жамоат транспортини издан чиқарган бу зараркунандалик ҳалигача хато сифатида тан олингани йўқ. Трамвай йўллари ўрнига яна юз миллионлаб доллар совуриб ер усти метроси қураяпмиз, BRT йўллари қурилмоқда. Лекин буларнинг ҳеч бири трамвай ўрнини боса олмайди. Ўзбек чиновникларида трамвайларга нисбатан қанақадир тушуниб бўлмас нафрат бор. Дарвоқе, қўшни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ер усти метроси қуришдек қиммат ва самарасиз ғоядан воз кечишипти, Бишкекка замонавий трамвай тизими қуриладиган бўпти.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin