Умид қилинган сенаторлар мораторийга зид "дала чети қонунини" қабул қилишга 25 дақиқадан ҳам камроқ вақт сарфлашган
Сенат "Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни маъқуллаган.
Биронта сенатор қарши ёки бетарафлигини билдирмаган. Фақат маъқуллашдан иборат муҳокамалар салкам 25 дақиқа давом этган (1:50:00дан бошлаб кўринг).
Биронта сенатор фермер ёки ижарачини жазолаб, қўрқитиб, мажбурлаб экин эктириб бўлмаслиги ҳақидаги мулоҳазаларни айтмаган.
Биронта сенатор Президентнинг 2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга оид мораторийсини (ПФ-50) эсламаган.
Дарвоқе, Сенат раиси Танзила Нарбаева бугунги йиғилиш аввалида, бошқа бир масала муҳокамасида, ҳамма ишни администрация ўзи маълумот олиб, қила олса, халқ билан гаплашмайдиган депутат ва сенаторларнинг нима кераги бор қабилида фикр билан бўлишди (39- дақиқа). Ростанам, Танзила опа тўғри айтди. Тепадан туширилганини тасдиқлаб берадиган, фермерлар, ер эгалари билан гаплашиб, уларни эшитмай ва оқибатларни ўйламай, исталган қонунни маъқуллайдиган депутат ва сенаторларнинг нима кераги бор?