Қирғизистонда яшаш минимуми 1,2 миллион сўмгача етган
Қирғизистонда камбағаллик даражаси 25% атрофида. Чунки камбағаллик даражасини белгилаш учун асос бўладиган яшаш минимуми ҳам юқори белгиланган.
2025 йил якунлари билан қардош Қирғизистонда яшаш минимуми 9,2%га ошиб, 8 697,32 сомга етган. Ўзбек сўмида бу 1,2 миллион сўм дегани. Бизнинг минимал истеъмол харажатларимиздан фарқли ўлароқ, қўшниларда яшаш минимуми ҳудудлар, аҳоли гуруҳлари (жинси, болалар ёши бўйича, пенсисонерлар, иш билан бандлар) қирқимида аниқланади. Энг юқори яшаш минимуми пойтахт Бишкекда — 8 984,12 сом. Болалар учун яшаш минимуми 7 379,07 сом.
Ўзбекистонда камбағаллик даражасини белгилаш учун асос бўладиган минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўмни ташкил этади (январь ойи охирида янгиланади). Шу ўлчовдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда расмий камбағаллик даражаси 5,8%га туширилгани айтилади.
Минимал истеъмол харажатлари миқдорининг масалан, 10%, 20%, 30%га оширилиши камбағаллик кўрсаткичини ҳудудлар бўйлаб қандай ўзгартириши бўйича расмий баҳолашлар мавжуд эмас.