Зарар кўраётган давлат компаниялари зарар кўрадиган бола туғишда давом этади
2022 йилда 155,4 млрд.сўм зарар кўрган, 2023 йилнинг 3 ойида 120,7 млрд.сўм зарар йиғишни қойиллата олган, 3 ойдан бери эгилувчан тарифларга ўтиш бўйича Президент топшириғини бажаришни кейинга суриб келаётган Тошшаҳартрансхизмат акциядорлик компанияси Термиз филиалини очибди ва 100та Исузу автобусини (ўзи бу автобусми) фойдаланишга топширипти.
Илтимос, зўрку, демай туринг.
Биринчидан, Президент қарорига кўра, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун жами 1000 та табиий газда ишлайдиган автобусларни Хитой Халқ Республикаси автобус ишлаб чиқарувчиларидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилиш топширилганди. Давлат раҳбари Термиз учун Изусу олинг ва уни минг километр наридаги Тошшаҳартрансхизмат гарданига юкланг, деб топшириқ бермаган. Нима учун Термизликлар юк автомобили кузовидаги Исузуда юриши керак?
Иккинчидан, Тошшаҳартрансхизмат ўзи бир аҳволда бўлса, ҳатто электробус ҳайдовчиларига ойлик бериш муаммога айланган вақтда 100та Исузу учун камида 53 млрд.сўм пулни қаердан олган? Ё яна кредит расмийлаштирилганми? Қайси довдир банк бўғзигача қарз компанияга яна шунча кредит берган? Ким тўлайди бу кредитни?
Учинчидан, Тошшаҳартрансхизматнинг ҳар йилги зарари ва кредит тўловларини Тошкент шаҳар бюджети қоплаб келади. 2023 йилда шаҳар бюджетидан "Тошшаҳартранс" АЖнинг кредитини қайтаришга - 283,9 млрд.сўм, зарарларини қоплашга - 235,6 млрд.сўм йўналтирилиши белгиланган. Хўш, Термиз филиалининг кредитини ва зарарларини ким, қайси бюджет қоплайди? Шаҳар кенгашида қўр тўкиб ўтирганларни бундан хабари борми?
Тўртинчидан, қачонгача транспорт масаласида кўр-кўрона, бир кунлик қарорлар қабул қилиш давом этади. Қачонгача зарарни барибир давлат қоплайди, дея самарасиз тартибда иш юритилади. Транспорт вазирининг хабари борми, уларнинг келтираётган зарарини қоплашга бюджетда пул қолмаганини? Бир неча юз миллион доллар сарфлаб келтирилган автобус ва электробусларнинг 500таси йўлга чиқмаётганини Давлат раҳбари билса, Маҳкамов нима деб жавоб беради? Мингта автобус келтириш билан иш тугагани йўқ, энди бошланди. Узлуксиз молиялаштиришни таъминлайдиган самарали тариф тизимисиз доимий эскириб борадиган автобусларни янгилаш тугул, заправкасига пул топиб бўлмайди. Яна транспорт тизими ҳамма ўғирлайдиган қора туйнукка айланади. Ишга бундай муносабат билан эртага газ тарифлари ошса, нима бўлади, тасаввур қилиш қийин. Яна армия ва Миллий гвардия ёрдамга чақириладими?
- https://tashbus.uz/media/documents/%D0%B1%D0%B0%D0%BB%D0%B0%D0%BD%D1%81_2022_%D0%B3_4-%D0%BA%D0%B2_%D1%84-2_ErM854R.pdftashbus.uz
- https://tashbus.uz/media/documents/%D1%842_%D0%BF%D1%80%D0%B8%D0%B1%D1%8B%D0%BB%D0%B8_%D0%B8_%D1%83%D0%B1%D1%8B%D1%82%D0%BA%D0%B8_EEJNkO6.pdftashbus.uz
- https://t.me/Mintrans_uz/14364@Mintrans_uz
- https://old.lex.uz/docs/6386205?otherlang=1lex.uz
- https://www.gazeta.uz/uz/2023/08/19/e-buses/gazeta.uz
- https://grandmotors.uz/catalog/%d0%b0%d0%b2%d1%82%d0%be%d0%b1%d1%83%d1%81-saz-np-26-%d1%81-%d0%ba%d0%be%d0%bd%d0%b4%d0%b8%d1%86%d0%b8%d0%be%d0%bd%d0%b5%d1%80%d0%be%d0%bc/grandmotors.uz
- https://t.me/the_bakiroo/6045@the_bakiroo
- https://kun.uz/news/2023/08/30/toshkent-jamoat-transporti-yangi-oquv-yiliga-tayyormikun.uz