Хусусийлаштиришдан кейин аждарҳо божлар бекор бўладими?
Албатта, аввалбошда турклар билан бошланган Самарқанд автомобиль заводининг давлат улуши Anadolu Isuzu компаниясига сотилгани ҳартугул яхши хабар. Ўзи йил бошидаёқ Anadolu Isuzu компаниясининг таклифи анонс қилинганди ва ҳатто хусусийлаштириш дастурига қўштирилганди. Бошқа талабгорлар бўлганми ё бўлмаганми, доимгидек билмаймиз (боримиз шу), шундай экан, 80 миллион доллар нарх қанчалик рақобатли нарх экани ҳақида ҳам фикр айтиш қийин. Завод МЧЖ шаклида фаолият кўрсатгани учун унинг молиявий кўрсаткичлари ёпиқ, бу бўйича ҳам хулосалар қилиш ва солиштириш имконсиз.
Лекин бу ерда ҳозир бошқа масала жуда муҳим. Самарқанд автомобиль заводидан давлат чиқиб кетиши билан автобус, юк мошинлари ва махсус мошинлар бўйича рақобатли бозор томон йўл очиладими? Худди шу завод қурилиши билан унинг манфаатлари учун автобус, юк мошин ва махсус мошинларга жорий қилинган аждарҳо божлар пасайтириладими? Ёки ҳаммаси эски ҳаммом эски тослигича қолаверадими? Давлат монополиясини хусусий монополия билан алмаштиришдан бўлак нима ўзгаради?
Бу гаплар нима учун? Худди шу схемада келаси йилга UzAuto Motors ҳам хусусийлаштирилади. Биронта ўғри олигархга сопини чиқариб беришадими ёки йирик глобал компанияга топшириладими, фарқи йўқ, агар бозор очилмаса, бу жараёнлар самарадорликни оширмайди. Автомобиль бозоримиз кенгаймайдиган, тор ва коррупцион манфаатларга хизмат қилувчи биқиқ ва ёпиқ қозонлигича қолаверади.