Ўзим ўзимдан сўрадим. Ўзим шундай қарор қилдим. Ўзимни ҳурмат қилиб ўзим бажараман
Авиачипталарни субсидиялаш билан боғлиқ масала ҳукумат аъзоси айни вақтда давлат корхонаси раҳбари ҳам бўлиши мумкинми, деган этика ва иқтисодий мантиқ чегарасидаги саволни яна кун тартибига олиб чиқади.
Ҳа, бу савол аввал ҳам кўп бора кўтарилган. Эслайсизми, Ўзбекнефтегаз раҳбари бош вазир ўринбосари, Ўзавтосаноат раҳбари бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон темир йўллари раҳбари Бош вазир биринчи ўринбосари бўлган даврларни. Биздаги монополияларнинг ҳаддан зиёд қудратли, тошқотганлиги ва фақат пул ўзлаштириш устига қурилганлиги сабаблари илдизлари ўзи аслида шунга ҳам бориб тақалади. Чунки йиллар, ўнйиллар давомида ҳукумат ва монополиялар мақсад ва манфаатлари ўзаги чатишиб, бирлашиб кетган, ажратиб бўлмас даражага етиб келган.
Ҳа, бу спрутни тугатишга, ўзгартиришга уринишлар бўлган. Масалан, 3 йил аввалги қарорда корпоратив бошқарув жараёнида давлат корхоналарининг бошқарув органларида ижро этувчи ҳокимиятнинг соҳавий комплекслари ва давлат бошқарув органлари раҳбарлари иштироки оқибатида юзага келадиган манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги танқид қилинган. Лекин бироз ўтиб, афсуски, бундай ёндашувлардан яна воз кечилган.
Қарангки, Транспорт вазири айни вақтда Ўзбекистон ҳаво йўллари компанияси раҳбари ҳам. Балки шунинг учундир, Махсус комиссия аъзоси сифатида авиачипталар учун субсидияларни белгилашда асосий мақсад бюджетдан кўпроқ пул ундириш бўлган бўлиши мумкин. Чунки агар вазир фақат Ҳукумат манфаатларини ифодалаганида у бюджет харажатларининг минималлаштиришни истамаслиги мумкин эмас эди.