Собиқ катта оға рухсатисиз Украина билан авиақатновга йўл қўя олмаймизми?
Ўтган ўнйилликда Ўзбекистоннинг энг йирик 5 савдо ҳамкорларидан бири бўлган Украина билан мана 6 йилдирки авиаалоқа йўқ.
Янги даврга келиб, Украина билан авиақатновларни тиклаш бўйича ўнлаб учрашувлардан юзлаб хабарлар пайдо бўлган. Лекин бу хабарларнинг биронтаси реалликкача етиб бормаган.
Рўёга айланган охирги хабарларни санаб ўтаман:
"Май ойида Ўзбекистон ва Украина тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашни режалаштирмоқда, дея хабар қилди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов".
"Июнда Украинанинг SkyUp авиаширкати кейинги ҳафтадан Тошкент билан Киев ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўймоқчи".
"Июлдан бошлаб Украина лоукостери Ўзбекистонга учишга буюртма берди".
"Августдан бошлаб Киев — Навои — Киев авиарейси йўлга қўйилади".
ва энг охиргиси:
"Bees Airline 30 августдан Самарқанд ва Киев ўртасида уча бошлайди".
Бу хабаргаям Транспорт вазирлиги дарҳол раддия берди:
"Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Украинанинг “Bees Airline” авиакомпанияси томонидан Ўзбекистон Республикасига мунтазам парвозларни йўлга қўйиш юзасидан мурожаатлар бўлмаганлигини маълум қилади".
Шунча режа ва ваъдалар, мамлакатнинг ташқи дунёга очиқлиги ва ортга йўл йўқлиги такрор ва такрор билдирилаётган бўлсада, ҳатто Ўзбекистоннинг барча аэропортлари "Очиқ осмон" режими остидалиги эълон қилинганига қарамай, Ўзбекистон ва Украина шаҳарлари ўртасида авиаалоқа тикланмаётгани бўйича менда иккита ўта шахсий гумон бор.
Биринчиси, бунга агрессор ва зўравон мамлакат - Россия йўл қўймайди. Феълан Россиянинг рухсатисиз унинг орбитасидаги сателлитлар Украина билан тўғридан-тўғри, ўзаро манфаатли авиақатновлар амалга ошира олмайди.
Иккинчи гумон шуки, ўзбек чиновниклари ўзбекистонликлар кўпроқ ва арзон авиақатновлардан фойдаланишларини исташмайди. Бошқача айтганда, чиновникларнинг коррупцион манфаатлари қондирилмаса, ўзбекларни Тошкент-Киев-Тошкент йўналишида 300 долларга учишига йўл қўйиб бўлмайди.
Гап фақат коррупцион манфаатларга бориб тақалганида, Ўзбекистонга ҳеч бир хорижий авикомпания учмаётган бўларди. Учишаяпти. Ҳатто лоукостерлар ҳам. Ўта эгилувчан авиабизнес энг расво чиновниклар билан ҳам келиша олади.
Демак яна биринчи гумоннинг ўрни юқорироқ деб ўйлашга тўғри келади: Катта оғадан қачон рухсат тегаркин?
@the_bakiroo
- https://www.gazeta.uz/uz/2021/04/28/uzb-ukr/gazeta.uz
- https://www.spot.uz/ru/2021/06/11/skyup/spot.uz
- https://www.spot.uz/ru/2020/06/24/ukraine/spot.uz
- https://www.spot.uz/ru/2021/07/24/navoi/spot.uz
- https://www.spot.uz/ru/2021/08/11/bees/spot.uz
- https://mintrans.uz/uz/news/horizhij-aviakompaniyalar-jolovchilarning-huquqlari-va-tashuvchining-mazhburiyatlariga-qatij-rioya-etishi-lozimmintrans.uz
- https://xs.uz/uzkr/post/1-avgustdan-barcha-aeroportlarda-ochiq-osmon-rezhimi-zhorij-etiladixs.uz