Ўзбекистонликларга 10 минг доллардан қиммат бўлмаган автомобиль/электромобиль керак
Монополист ўта қимматлиги учун сотилмаётган ва талабгир бўлмаган Onix ва Tracker учун навбатдаги акция эълон қилмоқда. Унга кўра, хусусан Onix учун 19 миллион сўмгача чегирмалар берилган.
Акция доирасида Onix’нинг энг арзон механика позицияси 157,9 млн.сўмга ёки 12 250 долларга тушади. Бу жуда қиммат. Onix’нинг топ позицияси нархи янаям чақадиган: 211,6 млн.сўм ёки 16 450 доллар.
Монополистнинг манипуляцион марҳаматига учмаслигингиз учун эслатиб ўтаман: Onix’нинг аслида қизил нархи 9 минг доллардан бошланиши керак. Буни мен эмас, монополист компаниянинг ўзи эълон қилган.
Монополист 146 марта презентация қилиши-ю, миллион долларлик хорижий консультантларни ёллаши бефойда. Ўзбекистонликлар учун 10 минг долларгача қийматдаги электромобиль/автомобиль керак.
Буни 5 йил аввал монополист компаниянинг ўзи ҳам тан олган. Хотираларни титкилаш учун яна бир бор эслатиб ўтамиз:
2019 йил 7 июнь санасида "Ўзавтосаноат" Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси" тақдимотини ўтказган. Унда хусусан, биринчи 5 йилликда нархи 10 000 АҚШ доллари атрофида бўлган арзон автомобиллар ишлаб чиқарилишига эътибор қаратилиши эълон қилинган.
Худди шу стратегия бир кун ўтиб Давлат раҳбарига ҳам тақдим этилган. Раҳбар автомобиллар нархини барқарор сақлаб, сифатини ошириш, янги ҳамёнбоп моделлар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш орқали маҳсулотларнинг бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Мана бу ҳаволада “2025 йилгача Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини ривожлантириш концепцияси” лойиҳасини кўришингиз мумкин.
Шундай экан, ўзбекистонликларга нархи 10 минг доллардан ошмайдиган Onix ва шартли Seagull' керак. Ëки ёпиқ бозорни очиб, бизга эркин танлов беринг.